Базани ташкил етилишига оид хужатлар

2016.05.04

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

УЛГУРЖИ САВДО КОРХОНАЛАРИ УЮШМАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 10-сон, 74-модда; 2011 й., 12-13-сон, 115-модда, 22-23-сон, 221-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Улгуржи ва чакана савдони либераллаштириш ҳамда уни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 23 февралдаги ПФ–3722-сон Фармонига мувофиқ ҳамда истеъмол товарлари улгуржи савдосини ташкил этишни такомиллаштириш мақсадида:

(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 мартдаги ПҚ-1514-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 115-модда)

(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 мартдаги ПҚ-1514-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 12-13-сон, 115-модда)

3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига юклансин:

Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси таркибига кирувчи ҳудудий (вилоят, вилоятлараро ва туманлараро) базаларни давлат рўйхатига олиш;

Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси таркибига кирувчи ҳудудий базаларга истеъмол товарлари билан улгуржи савдо қилишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш.

(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 майдаги ПФ-4311-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 22-23-сон, 221-модда)

(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 майдаги ПФ-4311-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 22-23-сон, 221-модда)

5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Улгуржи савдо корхоналари уюшмасини Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 25-уйдаги тугатилаётган «Ўзбексавдо» АК биносига жойлаштирсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш., 2006 йил 6 март, ПҚ–300-сон

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Фармони

УЛГУРЖИ ВА ЧАКАНА САВДОНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ ҲАМДА УНИ РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН ҚУЛАЙ ШАРТ-ШАРОИТ ЯРАТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 8-сон, 49-модда; 2009 й., 10-11-сон, 105-модда; 2011 й., 22-23-сон, 221-модда)

Савдо соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, улгуржи савдо тизимини янада такомиллаштириш, улгуржи, чакана савдо билан истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида барқарор шартномавий муносабатлар учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳолига савдо хизмати кўрсатиш сифати даражасини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, «Ўзбексавдо» ва «Ўзбекбирлашув» акциядорлик компаниялари муассисларининг «Ўзбексавдо» ва «Ўзбекбирлашув» акциядорлик компанияларини, шунингдек, ҳудудий савдо-ишлаб чиқариш «Савдо» акциядорлик компанияларини тугатиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги тугатилаётган ва қисқартирилаётган тузилмалар фаолияти билан боғлиқ харажатларнинг тасдиқланган кўрсаткичларига зарур тузатишлар киритсин.

2. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Улгуржи савдо корхоналари уюшмасини ташкил этиш зарур деб ҳисоблансин.

(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 майдаги ПФ-4311-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 22-23-сон, 221-модда)

(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 майдаги ПФ-4311-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 22-23-сон, 221-модда)

4. Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси бир ой муддатда белгиланган тартибда ихтисослаштирилган ҳудудий базалар рўйхатини, Республика улгуржи база-конторалари тўғрисидаги намунавий низомни, шунингдек, улгуржи савдони амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияларни олиш тартибини белгилаб берадиган ҳужжатлар пакетини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритсин.

(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 майдаги ПФ-4311-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 22-23-сон, 221-модда)

6. Қуйидагилар:

республика ихтисослаштирилган улгуржи база-конторалари ва уларнинг ҳудудий базалари;

бориш қийин ва тоғли ҳудудларда фаолият кўрсатаётган чакана савдо корхоналари беш йил муддатга мулк солиғи тўлашдан озод қилинсин.

(6-бандининг тўртинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 27 февралдаги ПФ-4087-сонли Фармонига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 10-11-сон, 105-модда)

7. Молия вазирлиги Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда республика ихтисослаштирилган улгуржи база-конторалар ва уларнинг ҳудудий базалари томонидан солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш тартиби тўғрисида таклифлар киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ўн кун муддатда ушбу Фармонни ижро этишга оид ҳужжатлар, жумладан Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси, ихтисослаштирилган улгуржи база-конторалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари, савдо фаолиятини амалга ошириш талабларини тасдиқлаш, шунингдек, «Ўзбекбирлашув» ва «Ўзбексавдо» акциядорлик компанияларини тугатиш бўйича комиссияни тузиш борасидаги ҳужжатларнинг лойиҳаларини киритсин;

икки ой муддатда «Матлуботсавдо» ҳудудий компанияларининг фаолиятини ўрганиб чиқсин ва унинг натижаларига кўра улар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда қишлоқ, бориш қийин ва тоғли ҳудудлар аҳолисининг зарур товарларга бўлган талаб-эҳтиёжини қондириш бўйича таклифлар киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш., 2006 йил 23 февраль, ПФ-3722-сон

(илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 майдаги ПФ-4311-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 22-23-сон, 221-модда)

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

«ЎЗУЛГУРЖИСАВДОИНВЕСТ» УЮШМАСИ ТУЗИЛМАСИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ ВА ФАОЛИЯТ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 12-13-сон, 115-модда)

Ички истеъмол бозорини тўлдириш ва аҳолини, биринчи навбатда қиш-баҳор даврида мева-сабзавот маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда уни экспортга етказиб беришни кенгайтириш мақсадида:

1. Мулк ва активлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги «Мулк-Инвест» ДУК балансида бўлган улгуржи ташкилотлар 1-иловага* мувофиқ «Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмаси таркибига ўтказилсин.

*1-илова рус тилидаги матнда берилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, «Ўзулгуржисавдоинвест» Уюшмаси мазкур улгуржи ташкилотларни тегишли моддий-техника базаси, биринчи навбатда мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш ҳамда сақлаш учун зарур бўлган музлатиш камералари ва омборхоналари билан бирга топширилишини белгиланган тартибда амалга оширсин.

2. «Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмаси қатнашчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2-иловага*мувофиқ республика ихтисослаштирилган улгуржи база-конторалар уларнинг ҳудудий базалари тармоғи билан бирга уюшма таркибидан ихтиёрий равишда чиқиш, кейинчалик улар мустақил хўжалик юритувчи субъект сифатида фаолият олиб бориши тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

*2-илова рус тилидаги матнда берилган.

3. Қуйидагилар:

«Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмасининг ташкилий тузилмаси ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар рўйхати 3 ва 3а-иловаларга* мувофиқ;

*3 ва 3а-иловалари рус тилидаги матнда берилган.

бошқарув ходимларининг чекланган сони 25 нафар бўлган «Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмаси ижро этувчи аппаратининг янги тузилмаси 4-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

*4-илова рус тилидаги матнда берилган.

4. Қуйидагилар «Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари деб белгилансин:

етиштирилган маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини, айниқса янги мева-сабзавот маҳсулоти, узум ва полиз маҳсулотини жамлаш ҳамда уларни экспортга етказиб беришни ташкил қилиш;

мева-сабзавот ва картошка маҳсулотларини фермер ҳамда деҳқон ҳўжаликларидан харид қилиш, уни пухта сақлаш ва қиш-баҳор даврида аҳолини ушбу маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш;

ички истеъмол бозори конъюнктурасини маркетинг жиҳатдан ўрганиш, хусусан қишлоқ жойлардаги, олис ҳамда етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларидаги чакана савдо тармоғини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари билан ишончли ва узлуксиз таъминлаб туриш чора-тадбирларини амалга ошириш;

улгуржи ташкилотларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича ишларни ташкил этиш, тайёр озиқ-овқат товарлари ва янги мева-сабзавот маҳсулотлари учун ихтисослаштирилган омборхоналар қуришни, реконструкциялаш ва модернизация қилишни таъминлаш, уларни замонавий омбор, савдо ва музлатиш ускуналари билан жиҳозлаш;

уюшма таркибига кирувчи улгуржи базалар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашда уларга кўмаклашиш.

5. «Ўзулгуржисавдоинвест» Уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда бир ой муддатда мазкур қарорнинг қоидаларидан келиб чиққан ҳолда уюшманинг Уставига ва таъсис шартномасига ўзгартишлар киритсин, уларни тасдиқласин ва белгиланган тартибда рўйхатга олсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2006 йил 6 мартдаги ПҚ-300-сон қарорининг 1 ва 2-бандлари ҳамда унинг 1 ва 2-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур қарорга мувофиқ ҳолга келтирилишини таъминласин.

8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш., 2011 йил 30 март, ПҚ-1514-сон

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси — «Ўзбекозиқовқатзахира»ни ташкил этиш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 15-сон, 144-модда)

Ички истеъмол бозорини, энг аввало қиш-баҳор даврида янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум билан барқарор таъминлаб туриш учун шундай маҳсулотларни тайёрлаш ва ғамлаш тизимини янада такомиллаштириш, замонавий сақлаш технологияларини жорий этиш, омборхона хўжалиги ва совутиш омборларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш асосида маҳсулотлар нобудгарчилигини ҳар томонлама камайтириш мақсадида:

1. «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмаси қатнашчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмасини мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси — «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари этиб белгилансин:

талаб-эҳтиёжни чуқур ўрганиш асосида, янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум билан ички истеъмол бозорини узлуксиз тўлдириб бориш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида уларни қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларидан, агрофирмалардан шундай маҳсулотларни харид қилиш шартномаларини тузиш;

қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиладиган янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумнинг яхши сақланишини ташкиллаштириш, уларни сақлаш вақтида нобудгарчиликларни камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш, маҳсулотни харид қилиш ва етказиб беришда замонавий логистика тизимини кенг жорий қилиш;

республика шаҳарларида янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум сотиш бўйича ихтисослаштирилган ярмарка савдоларини доимий асосда ўтказиб туриш;

тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг кўламда жалб этиш ва уюшма таркибига кирган корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ишларини ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотлари сақланадиган махсус омборхоналар ва совутиш камералари қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялашни таъминлаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш;

олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшовчи аҳолини ижтимоий аҳамиятли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

уюшма таркибига кирган корхоналар мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш.

3. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси тугатилаётган «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмасининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

4. Қуйидагилар:

«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасининг ташкилий тузилмаси ҳамда бошқарув ходимларининг чекланган сони 20 нафардан иборат ижро этувчи аппарати тузилмаси 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ;

«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси таркибига кирувчи мева-сабзавот маҳсулотлари харид қилиш ва сақлаш корхоналари рўйхати 3-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

* 1 — 3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш. Мирзиёев) бир ой муддатда пухта танлов асосида «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасининг ижро этувчи аппаратини тасдиқланган тузилма ва штат жадвалига мувофиқ юқори малакали мутахассислар билан бутласин.

6. «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси бир ой муддатда муассисларнинг умумий йиғилишини ўтказиб, унинг уставини тасдиқласин ҳамда уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этсин.

7. «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 25-уйга жойлаштирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмасининг тузилмасини ислоҳ қилиш ва фаолият самарадорлигини ошириш тўғрисида» 2011 йил 30 мартдаги ПҚ-1514-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2016 йил 8 апрель,

ПҚ-2517-сон

Манба: uzsavdo.uz дан олинган

Файл Хажми
 300 узб.doc 21.2 KB
 3722 узб.doc 25.75 KB
 1514 узб.doc 25.4 KB

 

Лицензия Янги

    Файл                                                                                                        Хажми


 

Гувохнома Янги

Файл                                                                                                        Хажми